Бобур таваллудига муносиб туҳфа


Бобур таваллудига муносиб туҳфа

  Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, Республикада хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Мирзо Кенжабек раҳбарлигида Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг тўлиқ асарлари тўплами олти жилдда нашр этилди. Мазкур куллиёт улуғ бобокалонимизнинг таваллуд саналарига муносиб туҳфа бўлди.

  Мирзо Бобурнинг адабий мероси жуда салмоқлидир. Унинг лирик мероси туркий ва форсий ғазаллардан иборат бўлиб, мазмун-моҳияти жиҳатидан ғазал мулкининг султони А.Навоийдан кейинги ўринни эгаллайди десак муболаға бўлмайди.

  Куллиётнинг биринчи жилди худди ана шу беназир ғазаллар ва шеърий байтларни ўз ичига олган ва “Девон” деб номланган. Ушбу жилднинг ўзига хослиги шундаки, унда илк бор шоирнинг форсий битиклари ҳам киритилди. Шунингдек, ушбу жилдан “Рисолаи Волидийя” асари ҳам ўрин олган.

  Иккинчи жилд “Мубайян” асаридан иборат бўлиб, асар насрий баёни ва замонавий шарҳи билан бирга тақдим этилган. Мазкур асар 1521 йилда Бобурнинг Ҳиндистон юриши даврида маснавий тарзида ёзилган.

  Учинчи жилди аруз шеър санъатига доир “Мухтасар” асаридан иборат. Шоир уни аруз вазни ва унинг назарияси ва амалиётига бағишлаган. Ушбу асар нусхаси Британия музейида сақланади.

  Тўртинчи, бешинчи ва олтинчи жилдлар “Бобурнома” нинг Фарғона, Кобул ва Ҳиндистон даври воқеаларидан иборат. Ушбу шоҳ асар 1518 - 1519 йилларда ёзила бошланган ва Бобур ҳаётининг сўнгигача давом этган.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати