"Ислом санъатининг башарият цивилизациясини яратиш ва тинчлик қадриятларини тарқатишга қўшган ҳиссаси" мазусида виртуал учрашув бўлиб ўтди.


   Марокаш Подшоҳлигининг пойтахти Работ шаҳрида Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом ташкилоти (ISESCO) ташкилоти ташаббуси билан ташкил қилинган "Ислом санъатининг башарият цивилизациясини яратиш ва тинчлик қадриятларини тарқатишга қўшган ҳиссаси" мазусида виртуал учрашув бўлиб ўтди. Тадбир иштирокчилари Ислом олами башариятга ноёб санъат намуналари ҳамда бебаҳо илмий кашфиётларни туҳфа қилиб, глобал тамаддунга салмоқли ҳисса қўшганини таъкидладилар. Шунингдек, турли маҳаллий можаролар шароитида инсонларгина қурбон бўлиб қолмай, балки бебаҳо санъат дурдоналари ҳам йўқ қилиб ташланаётганини афсус билан таъкидладилар. Дунё маданияти ва маънавиятига ижобий таъсир кўрсатиш билан тинчлик ва бағрикенглик жараёнларига ҳисса қўшаётган ислом маданиятининг барча кўринишлари ва шакллари тарғиб қилиниши, ўрганилиши ва асраб-авайланиши зарурлигини алоҳида қайд қилдилар. 
   Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон вакили мамлакатда бой исломий маданий меросни сақлаш, тиклаш, тарғиб қилиш ва ўрганиш соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди, Ислом Цивилизацияси марказининг тақдимотини ўтказди. Йиғилиш қатнашчилари мавзу бўйича Хитобнома қабул қилдилар.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати