Кўкрак нишонлари топширилди


Юртимизда “16 ноябрь – Халқаро бағрикенглик куни” муносабати билан турли конференция ва анжуманлар, давра суҳбати ва учрашувларни ўз ичига қамраб олган “Бағрикенглик ҳафталиги”нинг ўтказилиши – жамиятда бағрикенглик ғояларининг мустаҳкамланиши, турли миллат ва элат ҳамда диний конфессия вакиллари ўртасида ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатлик муносабатларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилиб келмоқда.

Сана муносабати билан жорий йилнинг 14 ноябрь куни пойтахтимизда бир гуруҳ ҳамюртларимизга «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони топширилди. Тақдирланганлар орасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг ўринбосари Фирдавс Ҳалимов  ҳам бор.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг буйруғига асосан филология фанлари доктори, профессор, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Музей ва экспонатлар илмий бўлими бошлиғи Иброҳим Йўлдошев “Ахборот-кутубхона аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.