Маданиятлар ҳамкорлиги


28 февраль куни Туркия Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги маслаҳатчиси, БМТ Цивилизациялар Альянси ишлари бўйича Туркия миллий мувофиқлаштириш Кенгаши раиси Бекир Карлиғанинг Ўзбекистондаги ислом цивилазияси маркази директори Ш.Миноваров билан учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда (Туркия халқаро ҳамкорлик агентлиги) ТИКА ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Али Ихсан Чағлар, Туркиянинг Беруний номидаги университети профессори Самет Балта иштирок этди.

Ш.Миноваров меҳмонларга Республикада диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳатлар, ўзбек халқининг бой диний-илмий тарихий меросидан ислом динининг тинчлик, бағрикенглик, инсонийлик ва бунёдкорликка даъват қилувчи моҳияти тарғиботини кенгайтириш ва келажак авлодга етказиш мақсадида Республика Президенти Ш.Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ишлар ва шу мақсадда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий ва Имом ат-Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари ҳақида гапириб берди.

         Бекир Карлиға Ўзбекистон заминининг нафақат Ислом, балки бутун олам цивилизациясига қўшган улкан ҳиссасини эътироф этди ва қурилаётган Марказ Ислом дунёсида буюк ва муҳим ўрин эгаллашига ишонч билдирди. Ҳозирги кунда мусулмон дунёси қийин вазиятни бошдан кечираётгани, исломни терроризм билан боғлаб намоён қилинаётгани, исламофобия ҳолатлари кучайиб бораётганини афсус билан айтиб, бундай  ҳолларни олдини олишда Исломнинг асл моҳиятини очиб берувчи Ислом  цивилизацияси маркази фаолияти ва мукаммал ҳамкорлик энг муҳим омиллардан ҳисобланишини билдирди. Арабистонда нозил бўлиб, Ўзбекистонда илмий жиҳатдан тараққий этган Ислом динининг улуғвор ва олий эзгулик, ахлоқ моҳиятини  Туркия жаҳонга танитувчи мамлакатларидан бири бўлиб келаётгани ва бу йўналишда икки мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарурлигини замоннинг ўзи тақозо этаётгани баён этилди.

Ш.Миноваров Туркия ва Ўзбекистон маърифий соҳасида ўзаро ҳамкорликни давом эттириши жараёнида Туркиянинг кадрлар тайёрлаш тажрибасини ўрганиш ва Тошкент халқаро Ислом академияси, Ислом цивилизацияси маркази олим ва мутахассисларини Туркия марказларида амалиёт ўташлари, тажриба алмашишларида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш мақсадга мувофиқ бўлиши, умуман Ислом цивилизацияси маркази ва БМТ Цивилизациялар Альянси ишлари бўйича Туркия миллий мувофиқлаштириш Кенгаши ўртасида барча йўналишларда ҳамкорлик қилиниши муҳимлигини таъкидлади.

ТИКА ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Али Ихсан Чағлар Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом академияси лойиҳаларида Туркия томони ҳар томонлама ёрдам ва ҳамкорликка тайёрлигини маълум қилди. Жумладан, Туркия томонининг марказ олимлари ва мутахассисларининг малака оширишлари учун грантлар ажратиш, Марказ таркибидаги кутубхона фондига китоб ва манбалар келтириш жараёнида иштирок этиши келишиб олинди.

Учрашув сўнгида меҳмонлар қабул учун яна бир бор миннатдорчилик билдириб, келажакдаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка умид билдирдилар.

 Учрашув дўстона ва самимий муҳитда бўлиб ўтди.

 

А.Тураходжаев

28.02.2019 йил.