Режали ишнинг самараси тайин


Давлат бошқаруви академиясида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, концепцияси ва ташқи безак ишлари бўйича мажлис бўлиб ўтди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг  Давлат маслаҳатчиси   Р.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази,  Дин ишлари бўйича қўмита, Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон тарихи давлат музейи, Санъатшунослик институти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси раҳбарлари ва масъул ходимлари  қатнашдилар.

Йиғилиш иштирокчилари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолияти, концепцияси ва ташқи безак ишлари бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисидаги масалани муҳокама этишди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом маданияти марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3420-сонли Қарори ижросини таъминлаш, марказнинг илмий-тарихий концепцияси ва ташқи безак ишлари бўйича амалга ошириладиган ташкилий-амалий тадбирлар тўғрисида фикр-мулоҳазалари билдирилди. Ушбу масала юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси ахборот берди. Ахборот ҳамда муҳокамаларда билдирилган таклиф ва тавсияларни инобатга олиб мажлис қарори қабул қилинди.

Мазкур Қарорга мувофиқ Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбариятига Ўзбекистон Фанлар академияси мутасаддилари билан ҳамкорликда, Ислом цивилизацияси маркази биноси интерьерининг мавзули ва даврий тақдимотини тайёрлаш вазифаси юклатилди. Шу билан бир қаторда Ўзбекистондаги қадимий обида ва иншоотлар ташқи безаги бўйича услублар намуналарини тўплаш ва саралаш бўйича ишчи гуруҳи таркиби ҳам тасдиқланди.

Ишчи гуруҳнинг аъзоларига белгиланган муддатда республикада жойлашган барча тарихий обидалар, меъморий иншоотларнинг нақшлари, орнаментларини ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганиш ва шу асосда тегишли маълумотлар тайёрлаш каби вазифалар бириктирилди. Ишчи гуруҳига жойлардаги хизмат сафари билан боғлиқ барча ташкилий-амалий ёрдамни кўрсатиш вазифаси Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси ҳамда ЎзР Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармаларига юклатилди. Амалга ошириладиган ишларни мувофиқлаштириш мақсадида Ислом цивилизация маркази қурилиш майдонида йўналишлар бўйича ишчи гуруҳнинг ҳафталик йиғилиши жорий этилди. 

Мазкур мажлис қарори ижросини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари ахборот-таҳлил департаменти ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваровга топширилди.

манба:dkm.gov.uz