ВАҚТЛАРАРО ЎТМИШГА САЁҲАТ ҚИЛИШНИ ИСТАЙСИЗМИ?


Бу албатта ғайритабиий, имконсиздек туюлиши мумкин. Бироқ, изланганга толе ёр. 23-27 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU)  билан ҳамкорликда ўтказиладиган “Буюк аждодлар мероси-III Ренессанс даври асоси” VIII халқаро конгрессда бунга ўзингиз шоҳид бўлишингиз мумкин. Тадбирда халқаро конгресс иштирокчилари ва юртимиз меҳмонларини ҳайратга соладиган янгиликлар бўлиши кутиляпти.

Бу лойиҳаларни амалга ошириш учун эса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан қатор ҳамкорлик учрашувлари ўтказиб келиняпти. Ҳамкорлик борасидаги мулоқотларнинг бир қисми офлайн, шунингдек масофани ҳисобга олган ҳолда онлайн тарзда ҳам бўлиб ўтяпти.

Ана шундай учрашувлардан яна бири, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов, академик Турсунали Кузиев ҳамда “Сила света” дизайн ва мултимедиа компанияси асосчиси ва ижодий директори Александр Ус билан бўлиб ўтди. Икки ташкилот раҳбарлари янги лойиҳалар хусусида атрофлича фикр алмашишди. Видеомулоқот тарзида ўтган учрашувда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директорининг таклифига кўра, россиялик ҳамкор халқаро кенгрессга ўз лойиҳалари билан ташриф буюришини маълум қилди.

Мазкур лойиҳалардан бири бу – “вақт капсуласи”. Ҳеч кимни бефарқ қолдирмайдиган “вақт капсуласи” орқали киши ўзини худди вақтлараро ошиб, қадимги даврларга тушиб қолгандек ҳис қилади. Бу кишига ўзгача завқ бағишлаши шубҳасиз. Иккинчи лойиҳа эса, махсус шоу. Мазкур шоу албатта, Ўзбекистон тарихига оид бўлади. Минг марта гапиргандан, бир марта – 23-27 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU)  билан ҳамкорликда ўтказиладиган халқаро конгрессда кўрган яхши.