ХАЛҚАРО КОНГРЕСС - МУЛОҚОТ МАЙДОНИГА АЙЛАНАДИ


Маълумки, жорий йил 23-27 август кунлари Тошкент ва Самарқанд “Буюк аждодлар мероси-III Ренессанс даври асоси” VIII халқаро конгресси бўлиб ўтади. Айни кунларда мазкур тадбирга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  марказ контентини янги мазмун билан бойитиш билан боғлиқ  белгилаб берган вазифаларни бажариш, халқаро илмий доиралар вакиллари, мутаҳассислар ва экспертларни нуфузли халқаро Кенгрессга таклиф этиш билан боғлиқ саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда.

Бугун ўтказилган онлайин мулоқотда ҳам айни шундай масалалар муҳокама қилинди. Халқаро туркий маданият ташкилоти – ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов ва Ўзбекистон Кинемотография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев туркий тилли давлатларнинг таниқли шахсларни Конгресс ва ўн олтинчи Тошкент кинофестивалига таклиф қилиш, ҳамкорликдаги янги лойиҳаларни амалга ошириш каби масалаларни муҳокама қилишди.

— Юртингиз нафақат жаҳон тамаддуни, балки ислом оламида ҳам муҳим бир манзил, - деди ТУРКСОЙ бош котиби Султон Раев. —Аждодларингиз қолдирган бой маданий мерос бугунги замонавий ҳаёт учун ҳам жуда катта долзарблик касб этади. Шу боис Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтадиган халқаро конгрессда туркий давлатлар вакилларининг иштироки муҳим, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, мулоқот жараёнида ТУРКСОЙ мамлакатлари маданий ва тарихий меросини оммалаштиришда кино ва оммавий ахборот воситаларининг роли мавзусида ўтказиладиган секцияни ташкил этиш билан боғлиқ келишувга эришилди.

 — Бу жуда муҳим воқелик бўлиши кутиляпти, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов. - Зотан, шарқ ва ғарб, қолаверса бутун ислом оламининг энг таниқли намоёндалари иштирок этади. Бу бизга кучларни бирлаштиришга, Учинчи реннесанс пойдеворини мустаҳкамлашга ва Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ислом  маърифатини тарғиб этиш билан боғлиқ олиб борилаётган ишларни намойиш этишга ёрдам беради.

Айтиш жоизки, бугун Ўзбекистонда маданий-гуманитар соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар дунё ҳамжамияти, ҳусусан туркий тилли давлатлар томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Айниқса, юртимиздан етишиб чиққан буюк алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, маданий меросларинимизни асраб авайлаш ҳамда кенг намойиш этиш билан боғлиқ олиб борилаётган ишларга халқаро илмий доира вакиллари, маданият ва санъат вакиллари, адабиёт намоёндалари, фан арбоблари катта қизиқиш билдирмоқда. Онлайн учрашув жараёнида ана шу йўлда олиб борилаётган ишларни изчил давом эттириш ва халқаро Конгресснинг ҳақиқий мулоқот майдонига айланишига эришиш лозимлиги таъкидланди.