АВСТРАЛИЯ ИСЛОМ МУЗЕЙИ БИЛАН АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ


АВСТРАЛИЯ ИСЛОМ МУЗЕЙИ

БИЛАН АНГЛАШУВ МЕМОРАНДУМИ ИМЗОЛАНДИ

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази муқаддас ислом дини билан боғлиқ бой меросни илмий тадқиқ этиш, унинг Марказий Осиё цивилизацияси ривожидаги ўрнини инновацион усуллар орқали тарғиб қилиш, маданий-гуманитар соҳадаги нуфузли халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлардаги мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган муассасалар билан илмий ҳамкорлик ўрнатиш борасида қатор тизимли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Жорий йилнинг 3 март куни Марказ ва Австралия Ислом музейи ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Aвстралия Ислом музейи Aвстралиядаги мусулмонлар ҳамда хориждаги ислом жамиятларининг бадиий ва маданий меросини ўрганиш, таълим ва цивилизациялараро мулоқотни йўлга қўйиш борасида фаолият кўрсатади. Шунингдек, мусулмон дунёсининг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини кўрсатиш орқали дунёвийлик ва динийлик ўртасидаги уйғунликни тарғиб этиб келади.

Меморандумдан кўзланган асосий мақсад, маҳаллий ва чет эллик мутахассисларни кенг жалб этган ҳолда, илмий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш, жаҳон музейшунослиги тажрибасини ўрганиш, кўргазмалар ташкил этиш, музей фондида сақланаётган халқимизнинг маданий бойлиги ҳисобланган музей ашёлари ва музей коллекцияларини бойитиб бориш, дунё жамоатчилигига танитиш ва тарғиб этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш.