Нукус шаҳрида тарғибот тадбирлари ўтказилди


Бугунги кунда дунёда мураккаб мафкуравий жараёнлар кечмоқда. Бир томондан, дунё глобаллашув томон одимламоқда, узоқ масофалар тобора яқинлашмоқда, бошқа томондан эса, фан ва технологиялар жадал ривожланмоқда, инсон ҳаёти шиддат билан ўзгармоқда. Бироқ иқтисодий ва технологик ривожланиш инсоният олдига янги муаммолар, янги масалаларни ҳам қўймоқда. Илгаридек, бугун ҳам жаҳолат инсоният тараққиёти учун асосий таҳдидлардан бири бўлиб қолмоқда. Жаҳолат, айниқса дин соҳасидаги ношудлик, диний таълимотларни ўзича, кўр-кўрона талқин қилиш жаҳондаги миллионлаб бегуноҳ одамларга изтироб олиб келгани сир эмас. Айни пайтда “оммавий маданият”, “жинсий эркинлик”, таркидунёчилик, интернетга қарамлик ҳолатлари ҳам борган сари инсоният олдидаги жиддий муаммолар қаторидан жой олмоқда.

2024 йилнинг 26 февраль куни Нукус шаҳридаги   Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши мажлислар залида ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда айнан мана шу долзарб масала ҳақида сўз борди. Унда давлат хизматчилари, маънавият тарғиботчилари, маҳалла ва хотин-қизлар фаоллари ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда сўз олган илмий-тадқиқот марказлари ходимлари бутун дунё жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказиш энг муҳим вазифа эканлиги, зотан, ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини алоҳида эътироф этдилар.

Йиғилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи А. Муратов ҳам маъруза қилиб: “Илм ва маърифат дини бўлган ислом Марказий Осиёда жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган алломаларнинг етишиб чиқишига замин яратди. Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Хоразмий, Фарғоний, Ибн Сино, Беруний, Мирзо Улуғбек каби улуғ зотларнинг ғоят бой меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш исломнинг моҳияти бағрикенглик ва маърифат тўғрисидаги таълимот эканини кенг ёйишга хизмат қилади” – дея таъкидлади.

Маърузалар сўнггида қизғин муҳокама ва савол-жавоблар бўлиб ўтди. Тингловчилар бутун юртимиз ҳудудлари бўйлаб ўтказиб келинаётган бундай тадбирларда ўзларини қизиқтириб келган масалаларга мутахассислардан тегишли жавоб олаётганларидан мамнун эканликларини билдиришди.