Оҳангарон шаҳрида тарғибот тадбирлари ўтказилди


2024 йилнинг 22 февраль куни Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш. Зиёдов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори в.в.б. М.Жониев, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ж.Каримов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори Ф.Олимовдан иборат тарғибот гуруҳи Оҳангарон шаҳрида учрашув ўтказди.

Тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг Жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосари, Оҳангарон тумани, шунингдек, Олмалиқ, Оҳангарон, Ангрен шаҳарлари ҳокимлари, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, ёшлар ишлари агентлиги бўлими раҳбар ва ходимлари, туман маданият бўлими раҳбарлари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла, хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа вакиллари, мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари –жами 300 нафар иштирокчи қатнашди.

“Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” ҳужжатли фильми намойиши билан бошланган учрашувда “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар ўқилди. Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларининг жаҳон илм-фани ривожидаги аҳамияти, бу тамаддунлар Учинчи Ренессансга пойдевор бўлиши ҳақида сўз борди.  

Тадбир якунида илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган 50 номдаги янги китоб ва рисолалар тақдимоти ўтказилиб, кўргазмадан сўнг бу зиё манбалари тадбир иштирокчиларига ҳадя этилди.