Қорақалпоғистон Республикасида тарғибот тадбирлари ўтказилди


Қорақалпоғистон Республикаси бўйлаб тарғибот тадбирлари мунтазам давом этмоқда. Ҳудудда 27 февраль куни бошланган учрашувлар, бугун 29 февраль куни ҳам ўтказилди. Ишчи гуруҳ аъзолари шу кунлар давомида Нукус шаҳри, Қўнғирот, Беруний, Тўрткўл туманларида учрашувлар ўтказишди.

Тадбирларда Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари қўмитасининг ҳудудий бошқармаси мутахассислари, қайд этилган туманлар ҳоким ўринбосарлари, мутасаддилари, шунингдек, Мўйноқ, Қонликўл, Шуманай, Амударё туманлари ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла, хотин-қизлар фаоллари – жами 900 нафар иштирокчи қатнашди.

Учрашувларда Ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи А.Муратов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директорининг бош маслаҳатчиси Б.Тўраев, Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази бўлим бошлиғи З.Фахриддинов, Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари К.Жамаҳматовдан иборат тарғибот гуруҳи аъзолари  томонидан  “Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми”, “Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш” ва “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маърузалар ўқиб эшиттирилди.

Маърузачилар ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этиши, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлашини таъкидлашди.

Жаҳолатга қарши маърифат – асосий мақсадимиз” ҳужжатли фильми, “Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази” видеоролиги намойиш этилди.

Тадбир якунида маърузачилар ва иштирокчилар ўртасида маърузалар мазмун-моҳиятини англаганлик юзасидан савол-жавоб (викторина) ўтказилди ва тўғри жавоб берган иштирокчиларга илмий-тадқиқот марказлари томонидан нашр этилган китоблар совға қилинди.

Тарғибот тадбирлари Қорақалпоғистон Республикаси телевидениеси, даврий матбуот, шунингдек, марказларнинг расмий сайт ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида кенг ёритилди.