Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи янада бойиди: дунёнинг турли бурчакларидан ноёб артефактлар совға қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва ғояси билан бунёд этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейига қатор халқаро музейлар, нуфузли галереялар ва хусусий коллекционерлар томонидан ўзига хос экспонатлар топширилди.
Артефактларни тақдим этиш маросими 26–27 сентябрь кунлари ўтган «Буюк ўтмиш мероси — маърифатли келажак асоси» форуми доирасида “Севимли” телемедиамажмуасининг конференция залида бўлиб ўтди. Унда дунёнинг 20 дан зиёд мамлакати вакиллари, жумладан 100 дан ортиқ олим ва экспертлар қатнашди.
Тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, академик Шавкат Аюпов сўзга чиқиб, маросимни очиб берди.
– Ислом цивилизацияси маркази Президент ташаббуси билан саккиз йил аввал асос солинган йирик илмий-маънавий маскандир. Марказда аждодлар мероси жамланиб, ёшларга ибрат ва олимларга тадқиқот учун имконият яратилган.
Бугун у нафақат кўркам бино, балки илм, таълим ва маданиятни уйғунлаштирган кўп функцияли марказга айланди. Шу муносабат билан хорижий экспертлар форуми ўтказилиб, уларнинг марказ ривожига қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди, – деди Шавкат Аюпов.
– Президент ташаббусларини амалга оширишда юксак масъулият ва фидокорлик кўрсатган устоз олимларимизга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. Ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида мингдан ортиқ ўзбекистонлик ва юзлаб хорижий олимлар биргаликда улкан ишларни амалга оширди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази оддий музей эмас, балки Президентимиз таъкидлаганидек, буюк маънавий ва илмий платформага айланди. Бу ерда маданий меросни ўрганиш, сақлаш ва тарғиб қилиш учун барча шароит яратилган. Лойиҳанинг мақсади — аждодларимиз меросини дунёга танитиш, Ислом цивилизациясининг инсоният тараққиётига қўшган улкан ҳиссасини кўрсатиш ва тинчлик, маърифат ғояларини тарғиб этишдир. Бу маскан жаҳолатга қарши маърифат билан курашишнинг ёрқин рамзи сифатида барпо этилди. Барча ҳамкорлар ва олимларга самимий миннатдорлик билдирамиз, – деди марказ директори Фирдавс Абдуҳолиқов.
Шундан сўнг хадялар топшириш маросими бошланди. Жаҳонга машҳур коллекция ва галериялар Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази учун қимматли экспонатлар тақдим этишди.
Тадбирнинг маданий қисмида машҳур санъаткорлар саҳнада чиқиш қилди. Совға берувчилар эса саҳнадан ёки онлайн тарзда уланиб, топширилган артефактларнинг тарихи ва аҳамияти ҳақида маълумот берди ҳамда Ўзбекистон ва ИЦМ раҳбариятига самимий тилакларини изҳор этди.
Мансур Мухторзода, коллекционер (Буюк Британия):
Тошкентда, юртингизнинг қадимий ва бой цивилизациясини ардоқловчи нуфузли меҳмонлар сафида бўлиш мен учун беқиёс шарафдир.
Мен учун бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига XVI асрда кўчирилган “Шоҳнома” асари саҳифаларини совға қилдим. Шу орқали Ўзбекистоннинг бетакрор, серқирра маданиятини кўрсатишга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан хурсандман.
Энг йирик совғалар орасида Британиядан келган ноёб экспонатлар алоҳида эътиборга молик:
➖ DAVID AARON санъат галереяси — исломгача даврга оид тақинчоқлар;
➖ MOMTAZ ISLAMIC ART галереяси — Сафавийлар даврига оид тўй болтаси;
➖ YACOB’S GALLERY — Темурийлар даври керамика лаганлари;
➖ SAM FOGG коллекцияси — ўрта аср металл ва бронза буюмлари;
➖ Доктор Фируза Мелвилл (Кембриж) — ХХ аср бошларига оид гилам;
➖ Mansour Gallery — XVI аср “Шоҳнома” саҳифалари.
Шунингдек, Россиянинг “Медина” нашриёти диний мавзудаги асарларни, ўзбекистонлик хайриячилар эса 20 та меъморий ёдгорлик макети, XVIII асрга оид астролобиялар, XIX–XX аср Қуръон нусхалари, Кушон тангалари ва турли хариталарни тақдим этди.
Алоҳида ҳолда, ИЦМ директори Фирдавс Абдуҳолиқов ўз шахсий оила коллекциясидан Византия аскарларига тегишли V–VI аср олтин буюмларини совға қилди.
Форумда TURKSOY, ICESCO, IRCICA ва “Ал-Фурқoн” каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Самое читаемое

Дунёнинг 20 дан ортиқ мамлакатидан 100 дан ортиқ мутахассис Тошкентда!

Ислом цивилизацияси маркази – маърифат сари элтувчи глобал платформа

37,7 метрлик меъморий мўъжиза: Улуғбекнинг асрлар ошган илмий мероси энди Тошкентда порламоқда!
