"Ўзбекистон ислом маданияти меъморчилиги - рассомлар ижодида" номли кўргазма очилди


   Тошкент шаҳри Ёшлар ижод саройида 2019 йил 18-май куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан “Ўзбекистон ислом меъморчилиги маданияти рассомлар ижодида” мавзусида ташкил этилган бадиий кўргазма ўз ишини бошлади. Кўргазмада Рустам Ҳудойберганов, Ваҳоб Зияев, Содиқ Раҳмонов,  Садулла Абдуллаев, Ортиқали Қозоқов, Ҳикмат Жамилов, Зайнутдин Фахруддинов, Эркин Жўраев, Маматова Ҳушрўй, Эркин Аралов, Умар Ражабов каби юртимизнинг машҳур рассомларининг 70 дан ортиқ  асарлари тақдим этилган.

Маълумки, илк  ўрта асрлардаёқ Мовароуннаҳр олимлари ўзларининг илмий мерослари, хусусан, илоҳиётшунослик, аниқ ва ижтимоий фанлар соҳасидаги илмий ишлари билан ислом ва жаҳон цивилизациясига катта ҳисса қўшганлар. Ислом цивилизацияси ривожида минтақанинг меъморлари ва ҳунармандларининг ҳам ўрни беқиёсдир.

   Кўргазманинг асосий мақсадларидан бири – Ўзбекистон рассомларининг асарлари орқали халқимизнинг исломий меъморий меросини оммалаштириш, хорижий сайёҳларни Ўзбекистоннинг диний архитектура ёдгорликлари,  минтақамизнинг диний ва маданий анъаналари, санъат дунёсининг вакиллари билан танишиштиришдир.

Рассомлар шарқ меъморчилиги обидаларини акс эттирувчи саҳналарни, Шарқ уйғониш даври илм-фан ва маданиятнинг кўзга кўринган вакилларининг портретларини турли жанрларда кўрсатиб бердилар.

Турли маданиятларга оид ҳаёт тарзини акс этган расмлар, амалий санъатнинг турли жанрларга ва турли санъат мактабларига хос рассомлар ижодида акс этган иморатлар, амалий санъат буюмлари жамиятимиздаги диний бағрикенгик, дунёвий ва диний қадриятлар уйғунлиги ғоясини ўзида мужассам этган.

Экспертлар комиссияси кўргазмадаги энг яхши санъат асарларини Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилаётган Ислом цивилизацияси маркази қошидаги Ислом санъати музейи залларида экспозиция қилиш учун танлайди.

Тадбир Ўзбекистонда ислом маданияти марказини ташкил этиш тўғрисидаги ПҚ-3080-сонли фармон ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 572-сонли “Ислом маданияти маркази” фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига асосан Ўзбекистон Бадиий академияси билан биргаликда ўтказилди. Сана Халқаро Музейлар кунига белгиланган.

Кўргазманинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасидаги вазирликлар ва идоралар вакиллари, дипломатик корпус, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари ҳамда олимлар, педагоглар ва жамоат арбоблари иштирок этдилар.

Кўргазма меҳмонлари Тошкент Давлат  Миллий рақс ва хореография олий мактаби шунингдек, Ўзбекистон Давлат консерваторияси талабалари бўлдилар ва улар  ўзларининг ижодий чиқишлари билан кўргазмага ташриф буюрган томошабинларга байрамона кайфият улашдилар.