Олма-отада "Янги Марказий Осиё учун истиқболлар: барқарор ва демократик жамиятни шакллантиришда диннинг роли" халқаро конференцияси ўз ишини бошлади
Қозоғистон Республикасининг Олма-ота шаҳрида турли мамлакат диншунос олимлари ва амалиётчи мутахассислари иштирокида “Янги Марказий Осиё учун истиқболлар: барқарор ва демократик жамиятни шакллантиришда диннинг роли” халқаро конференцияси ўз ишини бошлади.
Тадбирда АҚШ, Австралия, Австрия, Россия, Покистон, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон каби қатор хорижий давлатлар халқаро мутахассислари билан биргаликда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари ҳам иштирок этмоқда.
Мазкур халқаро конференция жаҳон ҳамжамиятининг эътиқод эркинлигини таъминлаш ва динлараро мулоқотни мустаҳкамлаш йўлидаги саъй-ҳаракатини бирлаштириш жараёнининг ажралмас қисми бўлиб, давлатларнинг инсон ҳуқуқ ва эркинлиги бўйича халқаро мажбуриятларга қатъий содиқлиги, Марказий Осиё минтақасининг айни йўналишда эътироф этилган умумий стандартларни халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга тайёрлиги ифодасидир.
Тадбирда дунёнинг турли ҳудудларидан кенг доирадаги вакиллар иштирок этиши ҳам минтақанинг эътиқод эркинлигини, конфессиялараро тотувликни таъминлаш борасидаги саъйи-ҳаракатлари самарадорлиги жаҳон ҳамжамияти томонидан юксак эътироф этилаёганидан далолат.
Конференция кун тартиби бир неча босқичдан иборат. Дастурнинг биринчи қисмига кўра, 7 сентябрь куни “Зўравон экстремизм муаммолари” “Миллий хавфсизлик ва диний эркинлик” “Дин ва фуқаролик жамияти” “Барқарор ва демократик Марказий Осиё учун сиёсий ёндашувлар” мавзуларида кўп миллатли жамиятда конфессиялараро мулоқотни ривожлантириш соҳасида тажриба алмашиш, диний эркинлик масаласида қонун устуворлигини таъминлаш, турли дин вакиллари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурматни мустаҳкамлаш бўйича илғор амалиёт билан танишиш юзасидан баҳс-мунозаралар ўтказилади.
Конференция 8 сентябрь куни ўз ишини якунлайди. Тадбирда илмий-амалий маърузалар сарҳисоб қилинади, эътиқод эркинлиги ва динлараро мулоқотни таъминлаш масаласи бўйича фикр алмашилади, келгуси ҳамкорлик истиқболлари белгиланади.
Мазкур конференция турли дин вакиллари эътиқод эркинлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинлигини халқаро миқёсда фаол тарғиб этишга ёрдам бериши шубҳасиз.
Халқаро алоқалар ва протокол бўлими