Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон Ўзбекистоннинг бой моддий маданиятига бағишланган кўргазма билан танишдилар


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция Республикаси Президенти Эманнуэль Макрон рафиқалари билан биргаликда Париждаги Араб дунёси институтига ташриф буюрдилар.

Бугунги кунда бу ерда институт ва Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳамкорлигида «Самарқандга йўл. Ипак ва олтин мўъжизалари” номли кўргазма ташкил этилган. Унда Ўзбекистоннинг XIX аср охири – XX аср бошларига оид бой моддий маданияти тақдим этилган.

Ўзбекистоннинг 9 та энг йирик музейларидан 300 дан ортиқ экспонат жорий йилнинг 23 ноябрь кунидан 2023 йил 4 июнь кунига қадар илк бор Францияда кенг халқаро жамоатчилик эътиборига ҳавола этилади.

Кўргазмадан Нукус, Самарқанд, Бухоро ва Тошкент музейларидан келтирилган тўқимачилик буюмлари, либос ва пойабзаллар, бош кийим тўпламлари, шунингдек, Туркистон авангарди йўналишига мансуб 24 та мўйқалам асари ўрин олган. Тайёргарлик доирасида 89 та заргарлик буюмлари реставрация қилинди.

Президентлар учун кўргазма бўйлаб экскурсия ўтказилди, экспонатлар тўғрисида батафсил сўзлаб берилди.

Ҳунарманд аждодларимизнинг юксак ижодий тафаккури ва маҳоратидан далолат берувчи ушбу буюмларнинг ранг-баранглиги ва нафосати Франция томонида ҳайрат уйғотди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Францияга расмий ташрифи якунланди. Президент Эммануэль Макрон ва рафиқаси давлатимиз раҳбари ва рафиқаси билан самимий хайрлашди.